Сурия: Рус учоқлари Идлибни бомбалади

Суриядан Туркияга қочаётган қочқинлар, 2019 йил 24 декабри.

Россия авиацияси Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида жойлашган объектларга ҳаводан зарба берди. Ҳодиса чоғида 8 киши нобуд бўлди, улардан беш нафари болалардир, дея хабар қилади AFP.

БМТ маълумотига кўра, Идлиб вилоятида Сурия ҳукумати ва Россия ҳарбий фаоллигининг кучайиши ортидан 16 декабрдан бошлаб ўн минглаб одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг марказининг маълум қилишича, бу давр ичида 80 га яқин тинч аҳоли вакили ҳаво зарбалари ва тўп ўқларидан ўлган.

Ўтган ҳафтанинг иккинчи ярмидан бошлаб Башар Асадга содиқ кучлар жиҳодчилар билан жанглар ортидан Идлиб вилояти жанубидаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқ устидан назорат ўрнатган.

Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг маркази раҳбари Рами Абдур Раҳмонга кўра, Асад қўшинлари стратегик Маарат ан-Нўъмон шаҳридан атиги 4 чақирим узоқликда турибди.