Тожикистонда Янги йил арчасини ёқмоқчи бўлган фуқаро ушланди

Тожикистон жанубидаги Кулоб шаҳрида Янги йил арчасини ёқмоқчи бўлган ва милиция ходимига ҳужум қилган 27 ёшли фуқаро ушланди.

Ҳодиса 24 декабрь куни эрталаб юз берди –милиция ходими шаҳар марказидаги Янги йил арчасини ёқмоқчи бўлган 27-ёшли Фарҳод Азизхонни пайқаб қолган, дея хабар беради Кулоб ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба. Унинг айтишича, милиция ходими арчани ёқишга уринган фуқарони уйигача таъқиб қилиб борган. «Фарҳод Азизхон милиционерга пичоқ билан ҳужум қилмоқчи бўлди, аммо зарарсизлантирилди. Ҳеч ким зарар кўрмади», - деди манба.

Фарход Азизхоннинг ушланганини Кулоб ИИБ ходими тасдиқлади, бироқ нима сабабдан ушланганини айтмади. Маълум бўлишича, Фарҳод Азизхон Чармгарони Поён маҳалласида яшайди, гиёҳванд моддалар савдоси учун ҳукм қилинган ва ўтган йили колонияни тарк этган.

Манбанинг хабар қилишича, тергов бошланди, жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Тожикистонда 80 йилдан бери Янги йил ҳозирги кўринишда нишонланиб келинади. 1947 йилда Янги йил СССРнинг давлат байрамларидан бирига айланди, 1 январь расман дам олиш куни дея эълон қилинди. Ўшандан бошлаб Янги йил барча республикаларда байрам қилинади.