2017 йилдан буён 1700 фуқаро овқатдан заҳарланди, улардан 15 нафари вафот этди

Сўнгги йилларда аҳоли ўртасида заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 2017−2019 йиллар давомида 154 та бундай ҳолат қайд этилган, натижада 1700 нафар фуқаро, шу жумладан 665 нафар бола жабрланган. 15 киши вафот этган.

Бу маълумотлар 24 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг кенгайтирилган мажлисида тилга олингани хабар қилинди.

Овқатдан заҳарланиш ҳолатлари асосан умумий овқатланиш корхоналари, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида қайд этилган.

Ўрганишлар давомида республиканинг 1533 та мактабгача таълим муассасасида ташиб келтириладиган ичимлик сувидан фойдаланилиши аниқланган. Уларнинг кўп қисмида тегишли гигиеник сув идишлари ўрнатилмаган. 5854 та давлат мактабгача таълим муассасаси ошхоналарининг моддий-техник базаси ҳолатини яхшилаш лозимлиги, бунинг учун 391 млрд. сўм маблағ талаб этилиши айтилди.

Мажлис якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига 2020 йилнинг 1 февралига қадар «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳасини Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш, 2020 йилнинг 1 апрелига қадар Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим тизимида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштиришга доир комплекс тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилгани хабар қилинди.