Адвокатлар палатаси журналист ва блогерларни ҳамкорликка чорлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ҳуқуқ соҳасида қалам тебратаётган журналист ва блогерларни ўзаро ҳамкорликка чақирмоқда.

Мазкур ҳамкорликнинг илк қадами сифатида палата ҳуқуқ соҳасига ихтисослашган журналистлар, блогерлар ҳамда фаол адвокатлар иштирокида ҳар ойда камида бир марта давра суҳбати ташкил этиб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг долзарб муаммолар муҳокамасини режа асосида йўлга қўйишни таклиф қилган.

Палата бу билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни, тадбир ўтказиш ҳамда ушбу давра суҳбатлари натижаси ёритилган чиқишларни рағбатлантириб боришни ўз зиммасига олган.

Ҳамкорлик қилишни истаганлар эътиборига журналистлар ва блогерларнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммоларни ёритиш борасида дуч келган саволларига адвокатлар томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилишига эришиш, адвокатларнинг амалиётда дуч келаётган муаммоларини тинглаш ва уни оммавий ахборот воситалари орқали қандай ёритиб бориш борасида баҳс-мунозара олиб бориш ҳамда бошқа мавзулар таклиф қилинган.