Кимники узунроқ – Ашхободда МДҲдаги энг баланд арча ўрнатилди

Иллюстратив сурат.

Ашхободдаги янги йил арчаси МДҲга аъзо мамлакатлар пойтахтларида бу йил ўрнатилган арчалар орасида энг баланди бўлиб ҳисобланади.

ТурСтат портали томонидан Янги йил байрами арафасида тузилган рейтингга кўра, 40 метр узунликдаги Ашхобод арчаси биринчи ўринни ишғол этган. Иккинчи ўринда 37 метр узунликдаги Ереван арчаси турибди. Тошкент арчаси эса (36 метр) рейтингда учинчи ўринга қўйилган.

Арчасининг узунлиги бўйича илк ўнликка Боку (34 метр), Минск (30 метр), Душанбе (29 метр), Москва (27 метр), Бишкек (27 метр), Нур-Султон (25 метр) ва Кишинев (20 метр) каби пойтахтлар киритилган.

Ўзбекистоннинг 36 метрли бош арчаси Тошкентдаги Истиқлол кўчасида - Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона яқинида 2019 йилнинг 10 декабрь куни ўрнатилган.