Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида яна бир чегара-ўтказиш маскани очилади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов.

Тожикистон томонининг илтимосига кўра, шу кунда ўзбек-тожик чегарасида 18-чегара пунктини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов “РИА Новости”га берган интервьюсида билдирган.

Ўзбекистон билан Тожикистон орасида уч йил муқаддам барча пунктлар ёпиқ бўлганини урғулаган дипломат ўтган давр мобайнида икки давлат ўртасида 17 та чегара маскани очилгани, шу кунда қўшни мамлакатлар билан ҳеч қанақа муаммо йўқлигини қайд этган.

И. Неъматов ўзбек-тожик чегарасида очилажак навбатдаги ўтказиш жойининг Баландчақир пункти (Жиззах вилояти – таҳр.) бўлишига ҳам аниқлик киритган.