Грузияда мухолифатчи телеканаллар ҳисоб рақамлари хатлаб қўйилди

"Кавкасия" телеканали биноси олдидаги акциядан лавҳа, 2019 йил 26 декабри.

Грузия Молия вазирлиги "Кавкасия", "Пирвели" ва "Рустави-2" телекомпанияларининг банк ҳисоб рақамларини хатлаб қўйди. Бу телеканаллар бошқа медиаресурсларга нисбатан кўпроқ ҳукумат ва ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясини танқид қилишади.

Молия вазирлиги бу каби кескин қарорни телекомпанияларнинг бюджет олдидаги қарзи ва бу қарзлардан қутилиш масаласида аввал эришилган келишувларни бузганлик билан изоҳламоқда. Қарзлар миқдори бир неча ўн миллион евро экани айтилади.

Молия вазирлигининг Даромадлар хизмати амалдаги қарзлар узилганидан сўнг хатлов бекор қилинишига ваъда берган.

Телеканаллар ходимлари ҳисоб рақамларининг хатланишини келаси йил кузида бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловлари олдидан цензура уриниши, дея баҳолашмоқда. "ТВ-Кавкасия"нинг эгаси Нино Жангирашвилига кўра, хатлов "телевидение фаолиятининг тўхтаб қолишини англатади".

26 декабрь куни "Кавкасия" телеканали биноси олдида фаоллар ва бошқа мухолифатчи телеканаллар ходимларининг норозилик акцияси бўлиб ўтди. Акция иштирокчилари, қарзи бўлишига қарамай, ҳукуматга ён босувчи "Имеди" телекомпанияси ҳисоб рақамлари хатланмаганини айтишиб, бунинг “танланган одил судлов” эканини таъкидлашди. Молия вазирлиги изоҳига кўра, "ТВ-Имеди" қарзларни тўлай бошлаган.

Грузия парламенти спикери Арчил Талаквадзе журналистларга мурожаатида бюджетга қарздорлик масаласини сиёсийлаштирмасликка чақирди. Мухолифатдаги "Европа Грузияси" партиясининг раҳбари Гиги Угулава фикрича, Грузия расмийлари "Демократия институтларига қарши курашда қизил чизиқдан ўтган".