Жосусликда айбланган австралиялик олима Эрон қамоғида қоладиган бўлди

Австралиялик олима Кайли Мур-Гильберт.

Эрон расмийлари жосусликда айбланиб, Теҳроннинг Эвин қамоқхонасида ушлаб турилаётган австралиялик олима қамоқ муддатини тўлиқ ўташи лозимлигини билдирди.

Эрон расмийларининг ушбу билдирувидан олдин Австралия университети лектори Кайли Мур-Гильберт ҳамда Францияда туғилган тадқиқотчи Фариба Одилхон мамлакатда уйдирма айбловлар билан қўлга олинган барча тадқиқотчи ҳамда сиёсий маҳбус озод этилишини талаб қилиб, очлик эълон қилгани ҳақида хабар тарқаган эди.

Ҳафта бошида Мур-Гульбертнинг унга чиқарилган 10 йил қамоқ жазоси устидан қилган арзи қондирилмади.

Очлик акцияси ҳақида қароргоҳи Нью Йоркда бўлган Инсон ҳуқуқлари маркази ҳамда Одилхон ишлаб келган Париж сиёсий тадқиқотлар институти хабар қилди.

28 декабрь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аббос Мусавий:

- Эрон сиёсий ўйин ва тарғиботга бўш келмайди, — деди.

Австралия Мур-Гильбертга чиқарилган ҳукм юзасидан “чуқур хавотир” изҳор қилди.

Хабарларга кўра, Франция Эрон элчисини тадқиқотчиларнинг қўлга олиниши юзасидан чақиртирган.

Маълум бўлишича, Эронда Париж сиёсий тадқиқотлар институтининг яна бир ходими қамалган.