Эрон Кувайт элчисига эътироз билдирди

Эрон Кувайтнинг Теҳрондаги элчисини чақиртириб, Кувайт расмийлари “Эронга қарши” йиғин ўтказгани юзасидан эътироз билдирди.

28 декабрь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Кувайт расмийларини айирмачи гуруҳ билан учрашишда айблади, аммо айнан қайси гуруҳ билан эканлигини очиқламади.

Вазирликнинг маълум қилишича, Кувайт элчисига “Бу каби ҳаракатлар Эрон Ислом Республикаси ички ишларига очиқчасига аралашишга тенг бўлиб, дўстона муносабатлар принципига ҳамда Кувайт расмийлари баённомаларига зиддир”, дея эътироз билдирилган.

Эрон давлат телеканали Кувайт Миллий мажлиси спикери Ал-Аҳвозия “террор гуруҳи” билан учрашганини хабар қилди.

Эрон матбуоти иддаоларига кўра, Ал-Аҳвозия гуруҳи Эрон жануби-ғарбидаги Аҳвоз шаҳрининг Эрондан ажралиб чиқишини таъминлашга чорлаган.

Эрон бошқа кўрфаз давлатларига солиштирганда Кувайт билан нисбатан илиқ дипломатик алоқа ўрнатган. Шундай бўлса-да, Кувайт АҚШнинг Эронга қарши айрим санкцияларини қўллаб келади.

2016 йилда Кувайт Теҳрондаги дипломатик миссиясини ёпди, аммо мамлакатда икки элчи қолдирди.