Москвадаги норозиларни қўллаб-қувватлаган рухоний черковдан четлатилди

Москвада ўтган намойишларда иштирок этгани учун қамалган маҳбусларни қўллаб-қувватлаган руҳоний беш йил муддатга черковдан четлатилди. Ярославль епархияси 30 декабрь куни руҳоний Александр Парфёновга нисбатан мана шундай ҳукм чиқарди.

Александр Парфёнов ҳукуматдан «Москва иши» бўйича ҳибс қилинганларни озодликка чиқариш талаб қилинган мурожаатни имзолаганлардан бири эди.

Епархия Парфёновга нисбатан чиқарилган ҳукмни «черковнинг терапевтик чораси» сифатида изоҳламоқда. Унга кўра, бу ҳукм Парфёновни «тўғри йўлга қайтишга» мажбур қилади.

“Москва иши” бўйича ҳибсга олинганлар 27 июлдан 3 августгача Россия пойтахтида адолатли ва ҳалол сайловлар талаби билан ўтказилган митинглар пайтида гўёки полициячиларга зўравонлик қилганликда айбланмоқда.

Мазкур иш бўйича 20 нафардан кўпроқ одам қўлга олинган. Улардан айримларига нисбатан ҳукмлар ўқилиб, уларга қамоқ жазоси тайинланган. Ҳуқуқ фаоллари эса намойишлар пайтида полициячиларга нисбатан ҳеч қандай зўравонликлар бўлмаганини айтмоқдалар.