Ироқ парламенти мамлакатдан хорижий давлатлар қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши учун овоз берди

Ироқ парламенти мажлиси, Бағдод, 2020 йил 5 январи.

Ироқ парламенти АҚШ ҳаво зарбасидан кейин (мазкур зарба натижасида Бағдод аэропорти яқинида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилганди) мамлакатдан хорижий давлатлар қўшинлари олиб чиқиб кетилишини кўзда тутувчи резолюция қабул қилди.

Депутатлар хориж кучларига Ироқ ҳудудидан фойдаланишни тақиқлаш бўйича чора-тадбирларни кўриш илтимоси билан Ироқ ҳукуматига мурожаат қилдилар.

Ҳукумат “Ироқда ҳарбий ҳаракатлар тугатилгани ва ғалабага эришилгани муносабати билан “Ислом давлати”га қарши курашган халқаро коалицияга йўналтирилган ёрдам илтимосини чақириб олишни зиммасига олади”, дейилади резолюцияда.

Ҳужжатга кўра, бош вазир Одил Абдул Маҳдий ҳукумати чет эллик ҳарбийларга Ироқнинг ер, ҳаво ва сув ҳудудларидан фойдаланишни тақиқлаши лозим.

Парламент қарори ҳукумат учун мажбурий бўлиб ҳисобланмайди, бироқ аввалроқ бош вазирнинг ўзи парламентни хорижий давлатлар қўшинлари ҳозирлигига чек қўйиш бўйича чоралар кўришга чақирган.