Бош вазир лавозимига номзодни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси кўрсатади

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эга бўлди.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов Телеграмдаги канали орқали баёнот берди.

5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округидаги 1 730 та сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган Марказий сайлов комиссияси раис ўринбосари Маҳмуд Истамовга кўра, сайловчилар рўйхатига киритилган 3 147 079 сайловчидан 1 978 048 нафари такрорий овоз беришда иштирок этган.
Бу такрорий овоз беришда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 62,8 фоизини ташкил этади.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, 5 январда 25 та сайлов округида ўтказилган такрорий овоз бериш натижаларини қўшганда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари тўлиқ шаклланди. Унда сиёсий партиялар қуйидаги миқдорда депутатлик ўринларига эга бўлди:

1. ЎзЛиДеП - 53 (35 %)
2. “Миллий тикланиш” - 36 (24 %)
3. “Адолат” СДП - 24 (16%)
4. Халқ демократик партияси - 22 (15%)
5. Экологик партия - 15 (10%)