Ёши 70 га тўлган муфтийни президент орден билан мукофотлади

Президент Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовни қабул қилди. Тошкент шаҳри, 2020, 6 январь.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовни қабул қилиб, уни ёши 70 га тўлгани билан табриклади ва унга “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтининг ёзишича, Президент билан учрашув чоғида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбари нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиёда, балки дунё миқёсида тан олинган нуфузли уламолардан бири экани, унинг Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайлангани, “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллагани бутун Ўзбекистон халқига улкан фахр бағишлаши таъкидланган.

“Биз муфтий ҳазратларини Ислом маърифатининг толмас тарғиботчиси сифатида биламиз ва қадрлаймиз. “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби асарларингиз халқимиз қалбидан чуқур жой олган”, - деган давлат раҳбари.