Абхазия президенти Хажимба истеъфога кетди

Раул Хажимба.

Ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилиб олган Абхазия республикаси президенти Раул Хажимба ўз ихтиёри билан истеъфога кетишга рози бўлди. У бу ҳақдаги тегишли ҳужжатни имзолаган ва мазкур ҳужжат нусхаси мухолифат вакилларига топширилган.

“Эхо Кавказа” нашри хабарига кўра, 12 январь оқшомида Россия элчихонасида мухолифат лидери Аслан Бжания ва якшанба куни Сухумига етиб келган Россия президенти ёрдамчиси Владислав Сурков учрашган. Аввалроқ Хажимба Сурков билан учрашмасликка қарор қилганди.

Бир неча кундан бери Абхазия раҳбари маъмурияти биносини ўраб турган митингчилар якшанба куни тушдан кейин унинг қароргоҳига йўл олганлар. Норозилар лидери Ахра Авидзба йиғилганлар мухолифат билан музокаралардан сўнг қандай қарор қабул қилганини билишни истаётганларини айтган. Музокаралар шу куни Россия Хавфсизлик кенгаши котибининг муовини Рашид Нургалиев воситачилигида бўлиб ўтганди.

Абхазия Марказий сайлов қўмитаси қайта ўтказиладиган президент сайлови кунини (22 март) эълон қилган.

Мухолифатчи депутат Батал Табагуа президент қароргоҳи олдида йиғилган норозилар олдига чиқиб, Хажимбанинг истеъфога кетганига оид ҳужжат матнини ўқиб берган. Йиғилганлар бу янгиликни олқиш билан қарши олганлар.

Абхазия 1994 йили Грузия билан қуролли можаро тугаши биланоқ ўз мустақиллигини эълон қилган. 2008–2009 йилларда Россия-Грузия ҳарбий можаросидан кейин Абхазия мустақиллигини Россия ва яна бир нечта давлат тан олган. БМТга аъзо кўплаб давлатлар Абхазияни Грузия ҳудуди ўлароқ тан олади. Тбилиси республикадаги сайловларни тан олмайди, Абхазияни эса Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудуд сифатида кўради.