Самарқанддаги ЮНЕСКО ҳимояси остига олинган тарихий почта биноси бузилмайдиган бўлди. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 1910 йилда қурилган тарихий почта биносини бузмаслик тўғрисида 2019 йилнинг декабри охирида қарор қабул қилгани Озодликка 14 январь куни маълум бўлди.
Бу бинонинг бузилиши режалаштирилаётгани тўғрисида Озодлик 2018 йилнинг июлида хабар берган эди. Мазкур хабар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган ва жамоатчилик почта биноси бузилишига норозилик билдирганди.
Шундан сўнг шаҳар ҳокимлиги бино бузилмаслиги тўғрисида 2018 йилда икки марта расмий баёнот билан чиққан. Бироқ маълум бўлишича, шаҳар ҳокимияти бинони бузмасликка ваъда берган бўлса-да, аслида бинонинг бузилишига қарши ҳеч қандай ҳаракат олиб бормаган ва почта биносини бузилиши белгиланган объектлар рўйхатидан чиқариб ташлашга тўсқинлик қилган.
Адлия вазирлиги 2019 йил 18 ноябрда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги номига «аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларни содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида» тақдимнома киритган. Шундан сўнггина 2019 йил 27 декабрда шаҳар ҳокимияти почта биноси бузилишини тақиқловчи қарор қабул қилинган.