Қоҳирада полиция Туркиянинг Онадўли ахборот агентлиги ходимларини тутиб кетди

Иллюстратив сурат.

Миср расмийлари Туркия давлатига қарашли Онадўли ахборот агентлигининг Қоҳирадаги ваколатхонасига рейд уюштириб, бу ерда ишлаган тўрт ходимни қўлга олдилар. Бири Туркия, уч нафари Миср ватандоши бўлган журналистлар полиция 15 январь оқшомида таҳририятда тинтув ўтказганидан кейин тутиб кетилган. Ҳодиса икки давлат ўртасида Ливия борасида таранглик кузатилаётган бир пайтда рўй берди.

Журналистлар ушлаб кетилиши ортидан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига Миср Ташқи ишлар вазирлигининг Анқарадаги вакили чақирилди.

“Бу турк матбуотига босим ўтказиш ва ҳуркитиш ҳаракатидир ва биз буни кескин қоралаймиз”, дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Вазирлик Миср расмийлари агентлик ходимларини зудлик билан озод қилишига умид билдирган.

Туркия ва Миср Ливияда қарама-қарши томонларни дастакламоқда. Анқара Триполидаги халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Миллий тотувлик ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган бўлса, Қоҳира ливиялик исёнкор генерал Халифа Ҳафтарга кўмак кўрсатмоқда. Аввалроқ Анқара мисрлик ҳарбийлар томонидан 2013 йили ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийни ҳам дастаклаб келган.