Саратовдаги автоҳалокатда нобуд бўлган ва жабрланганлар шахси маълум қилинди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16 январда Россиянинг Саратов области ҳудудида содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлганлар ва жароҳат олганлар рўйхатини эълон қилди.

Вафот этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Болтабаев Нодир, 1979 й.т. (Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида истиқомат қилган).
Собиров Сардорбек, 1997 й.т. (Фарғона вилояти Боғдод туманида истиқомат қилган).

Тан жароҳати олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

Мухамедова Гулором, 1968 й.т. (Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида истиқомат қилади).
Ибатов Суннат, 1989 й.т. (Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида истиқомат қилади).
Баллиев Иса, 1998 й.т. (Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида истиқомат қилади).

"Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги, унинг ҳудудий консуллик хизмати ходимлари томонидан воқеага аниқлик киритиш мақсадида, ўзаро маълумотлар алмашинуви олиб борилди" дейилган расмий хабарда.

16 январь куни маҳаллий вақти билан соат 08:20да «Нижний Новгород-Арзамас-Саранск-Исса-Пенза-Саратов» автомобиль йўлининг 580 килметрида «Волга-ГАЗ-3110» автомобили ҳамда HYUNDAI минивен автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Оқибатда, жами 9 киши тан жароҳати олган. Шулардан 4 нафари воқеа жойида вафот этган. Уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган. Шунингдек, 5 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан Саратов шаҳар вилоят клиник касалхонасига ётқизилган. Уларнинг 3 нафари ўзбекистонлик.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вафот этган фуқароларнинг қариндошларига хабар бериш ва жасадларини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК авиатранспорти орқали Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тан жароҳати олган фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда, дейилади ФВВ маълумотида.