Қозоғистон суди прокуратуранинг хитойлик этник қозоқни Хитойга топшириш тўғрисидаги талабини қондирмади

Тлек Табарак

Жаркент шаҳар (Қозоғистон) суди 16 январь куни “чегарадан ноқонуний ўтганлик”да айбланган хитойлик этник қозоқ Тлек Табаракни олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилди ва суд залидан озод қилди.

Тлек Табарка 2019 йил 22 октябрдан бери ҳибсда ушлаб турилган, тергов изоляторида ўтказилган бир кун икки кунга ҳисобланади.

Судья Динара Куйкабаева енгиллаштирувчи вазиятни ҳисобга олганини айтди: Табарак аввал судланмаган, унинг қўлида Қозоғистонда яшаш хуқуқини берувчи муддати ўтиб кетмаган ҳужжат бор, бундан ташқари, у чегарани бузиб ўтар экан, ота-оналари - Қозоғистон фуқаролари билан кўришмоқчи бўлган.

Пайшанба куни прокурор суддан Табаракни олти ойга озодликдан маҳрум қилишни ҳамда беш йил муддатга кирмаслик шарти билан Қозоғистондан чиқариб юборишни сўраган эди.

Судланувчи Табарак судга мурожаат қилиб ўзини Хитойга топширмасликни сўради. Хуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, Хитойда уни шафқатсиз жазо кутмоқда, чунки ҳужжатсиз Хитой чегарасини бузиб ўтиш бу мамлакатда оғир жиноятлар турига киради.

Сўнгги икки йилда расмийлар хитойлик ўнлаб қозоқларни жавобгарликка тортди. Улар Шинжонда Пекин томонидан мусулмон бўлган туб туркий халқларга нисбатан олиб борилаётган сиёсат туфайли Қозоғистонга қочиб ўтишга мажбур бўлганликларини айтишади.