Эрон олий раҳбари 8 йилда илк марта жума намозига имомлик қилди

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий.

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий саккиз йилдан биринчи марта жума намозида имом вазифасини бажарди.

17 январь куни Теҳроннинг Мосалла масжидида айтган ваъзида 80 ёшдаги Хоманаий Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбийларига ракета билан қилган ҳужум “димоғдор тузум юзига туширилган тарсаки” бўлганини айтди.Намоз кўп сонли полиция назорати остида ўқилди.

Эронда 11 январь куни расмийлар “Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing 737-800 учоғини адашиб уриб туширганини тан олганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.

Эрон расмийлари аҳолини мамлакат ҳарбийлари ҳамда Ислом инқилоби муҳофазаси корпусини қўллашга чорлади.

“Украина халқаро ҳаво йўллари” авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси 8 январь куни Теҳрон аэропортидан учиб чиққанидан кейин кўп ўтмай Эрон ҳарбийлари отган ракета туфайли қулаб тушган эди.

Эрон армияси “ғайриихтиёрий” равишда уриб туширилганини айтаётган учоқ бортидан 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

Учоқ бортида 82 эронлик, 57 канадалик, 11 украиналик, 10 швециялик, 10 афғонистонлик, 3 германиялик ҳамда 3 нафар британиялик бўлган.
Теҳрон бошида ҳарбийлари учоқни уриб туширганини рад этди, аммо буни тасдиқловчи далил кўпайиши ортидан ракета “ҳарбийлар хатоси” туфайли уриб туширилганини тан олди.