Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди

2019 йилда Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди.

17 январь куни Хитой статистика миллий бюроси ўтган йили ҳар 1000 кишига 10,48 ни ташкил қилганини маълум қилди.

Бюро маълумотларига кўра, 2019 йилда умумий ҳисобда 14,65 миллион чақалоқ туғилган. Бу аввалги йилдагидан 580 мингтага оздир.

2019 йил охирида Хитой аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил қилди.

Соғликни сақлаш, таълим ҳамда турар жой нархлари ошиб бораётгани оилаларни озроқ фарзанд кўришга ёки умуман бола қилмасликка ундамоқда.

Хитой ҳукумати 2015 йилда “бир оилага бир фарзанд” сиёсатини бекор қилди. Аммо статистика бу қарор туғилиш даражасига таъсир кўрсатмаганини кўрсатмоқда.

Аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланувчи Хитойда қариялар сонининг ошиб бораётгани соғлиқни сақлаш ҳамда нафақа тизимларини мушкул аҳволга солиб қўйган.