Тожикистон ССВ мамлакатга хитойликлар келиши чекланишини таклиф қилди

Душанбе аэропорти (иллюстратив сурат).

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ТИВ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига янги хавфли вирус тарқалиши муносабати билан мамлакатга Хитой фуқаролари келиши чекланишини сўраб, расмий мактуб юборди.

Куни кеча Хитой Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси янги 2019-nCoV вируси одамдан одамга юқишини тасдиқлади. Айтилишича, касалликни хасталанганлар билан мулоқотда юқтириб олиш мумкин. Беморларнинг кўпчилиги Хитойнинг Ухан шаҳрида қайд қилинган. Бу шаҳарда куни кеча 2019-nCoV коронавирусига чалинган тўртинчи киши вафот этган.

Шу билан бирга Шанхай, Пекин ва Гуаньдун вилоятида ҳам беморлар аниқланган - уларнинг ҳаммаси Уханга ташриф буюрган эди. Маълумотларга кўра, янги касаллик ХХРдан ташқарига чиқиб кетган: беморлар Таиланд, Жанубий Корея ва Японияда ҳам аниқланди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари Мирхомуддин Камолзоданинг 21 январь куни Озодликнинг тожик хизматига маълум қилишича, янги вирус ҳақида хабар тарқалиши билан ХХРдан келганлар устидан аэропорт ва Хитой билан чегарадаги НЎПларда назорат кучайтирилган.

“Чегарадаги назорат-ўтиш пунктларида санитар-карантин постлари фаолият юритади. Қандайдир вирус пайдо бўлиши билан, қоидага кўра, назорат кучайтирилади ва постлар туну кун иш режимига ўтади. Ҳар бир аэропортда замонавий диагностика аппаратуралари ўрнатилган ва ХХРдан келган ҳар бир йўловчи шифокорлар кўригидан ўтишга мажбур. Агар вирус аломатлари қайд қилингудек бўлса, фуқаро махсус машинада юқумли касалликлар шифохонасига жўнатилади”, деди вазир ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига расмий мактуб юбориб, янги хавфли вирус тарқалиши муносабати билан Тожикистонга Хитой фуқаролари, жумладан сайёҳлар келиши чекланишини сўраган.

“Биз Тожикистон аҳолисига хавфли вирус билан боғлиқ вазият барқарорлашгунга қадар Хитойга бормасликларини тавсия қиламиз”, дея қўшимча қилган М. Камолзода.

Хабарларга кўра, янги 2019-nCoV вируси ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Инфекцион белгилари орасида иситма, йўтал, нафас қисиши мавжуд. Беморларнинг ҳаммасида рентгенограмма пневмонияни кўрсатган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 31 декабрь куни Хитой расмийлари эълон қилган янги касалликни муҳокама қилиш учун 22 январь куни фавқулодда қўмитанинг шошилинч йиғилишини чақирган. Ташкилот қаноатича, вирус манбаси сифатида ҳайвонлар кўрилмоқда. Хитой расмийлари касаллик Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорида пайдо бўлганини айтаяпти.