Лукашенко: Россия Қозоғистондан Беларусга нефть етказиб берилишига тўсқинлик қилмоқда

Беларусь президенти Александр Лукашенко Москва қозоқ нефтининг ўз мамлакатига етказиб берилишига тўсқинлик қилаётганини билдирди. Баёнот Россия билан нефть нархи борасида юзага келган баҳслар қабатида янгради.

Минскда нефть соҳаси экспертлари билан 21 январь куни бўлиб ўтган учрашувда Лукашенко иқтисодий шарт-шароит мураккаблашаётганини урғулади.

"Қизиқ, иттифоқчимиз бошқа бир иттифоқчимизнинг бизга нефть етказиб беришига розилик бермаяпти. Не тонгки, нефть етказиб бериш бўйича ҳозир вазият шунақа ва биз бу муаммони ҳал қилишимиз лозим", деди Лукашенко.

Қозоғистон, Беларусь ва Россия Евросиё Иқтисодий Иттифоқи аъзоси бўлиб ҳисобланади. Мазкур иттифоқдан Россия президенти Владимир Путин собиқ совет республикаларига Москва таъсирини ошириш ҳамда ЕИ ва НАТОга қарши туришда фойдаланишга уриниб келади.

“Россия Федерациясининг солиққа оид маневрлари туфайли республика бюджетига тушадиган даромад камаяди, нефтни қайта ишловчи заводларимизда иш самарадорлиги ёмонлашади. Ҳақиқатан, шу тобда Россия нефтига бошқа муқобил йўқ. Бироқ аввал келишганимиздек, диверсификация йўлидан боришимиз керак”, деган Лукашенко Беларусь нефть етказиб беришда Россия улушини 30-40 фоизга тушириш учун “ҳаракат қилиши лозим”лигини қўшимча қилди.

Беларусь сўнгги пайтларда нефть транзити нархи масаласида Россия билан баҳслашаяпти. Бу Москванинг интеграцияни чуқурлаштириш борасида Лукашенкога босими кучайиши қабатида юз бермоқда. Беларусь ёқилғи етказиб бериш ва молиялаштиришда Россияга қарам, айни пайтда у Россия нефтини Европага етказишда асосий транзит маршрут бўлиб ҳисобланади.

14 январь куни Беларусь бош вазири ўринбосари Дмитрий Крутой Минск Европа мамлакатларидан бир нечтаси, шунингдек Қозоғистон ва Озарбайжонга Россияни айланиб ўтган ҳолда Беларусга нефть сотиш таклифи билан мурожаат қилганини билдирганди. Аввалроқ Қозоғистон нефть етказиб бериш масаласини Беларусь билан 20 январгача муҳокама қилиши айтилган эди.

Ўтган йили Путин ва Лукашенко ўртасида бўлиб ўтган учрашув интеграцияни ривожлантириш нуқтаи назаридан муваффақиятли бўлгани йўқ. Лукашенко ўшанда “тенг” шарт-шароит тарафдори эканини билдирган.

Декабрь ойида Беларусда норозилик намойишлари бўлиб ўтган. Акция иштирокчилари интеграция бўйича музокаралар шаффоф эмаслигини урғулаб, Россия билан алоқаларнинг янада тиғизлашувига қарши чиққандилар.