Мирзиëев суд қарорлари бўйича прокуратура ваколатини чеклашни буюрди

Олий Мажлис палаталарига қилган йиллик Мурожаатида президент Шавкат Мирзиëев судлар мустақиллиги муаммосига ҳам тўхталди.

Дастлабки терговда давом этиб келаётган қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкин¸ деган президент адлия тизимидаги ўзгаришлар давом этишини таъкидлади.

Мирзиëев тилга олган бундай ўзгаришлар орасида суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш талаби бор.

Энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкин”¸ деди ўз мурожаатида Мирзиëев жумладан.

Ўз маърузаси давомида Мирзиëев:

- Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади, деди.

Ўзбекистон Конституциясининг 11-моддасига кўра¸ Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

Конституция ва давлат бошқарувининг халқаро стандартларига кўра¸ президент ижро ҳокимиятини бошқаради ва ҳокимиятнинг бу учала тизими бир-биридан мустақилдир.