Миллиардер Жорж Сорос эҳтимолий ва реал диктаторларга қарши кураш учун 1 миллиард доллар ажратди

89 яшар Жорж Сорос Давосда.

Либерал қадриятлар курашчиси сифатида танилган америкалик миллиардер Жорж Сорос дунë бўйлаб туғилиб келаëтган янги диктаторлар¸ айни пайтдаги реал мустабидларга қарши кураш учун 1 миллиард доллар маблағ ажратишини эълон қилди.

89 яшар Сорос бу баëнотни Давосда ўтаëтган Жаҳон иқтисодий форумидаги чиқишида қилди.

Бу қарорни “ўзининг энг муҳим ва энг узоқни кўзлайдиган лойиҳаси” сифатида тақдим этган Сорос¸ улкан маблағ фуқаролик жамиятига ëрдам берадиган кадрлар тайëрловчи таълим муассаларига сарфланишини таъкидлади.

Ҳозиргача ҳам Очиқ жамият институти тизими орқали демократия ва либерал қадриятларни қўллаб келаëтган Сорос¸ бугун инсониятнинг бурилиш нуқтасида экани ва келаси бир неча йил Дональд Трамп ва Си Цзиньпин каби президентлар тақдирини ҳал қилишини таъкидлади.

Бутун дунë айниқса¸ Европа радикал ўнгчилик ғоялари¸ хусусан¸ ирқчилик¸ миллатчилик ¸диний экстремизм ва антисемитимизм мафкураси кучайиб бораëтган бир пайтда Сорос инсониятни маърифат қутқаришини урғулади.