Афғонистондаги никоҳ тўйига ташланган граната оқибатида камида 20 киши яраланди

Афғонистон расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги Хост вилоятида номаълум кишилар никоҳ тўйи бўлаётган жойга граната ташлаши оқибатида камида 20 киши ярадор бўлган.

Вилоят ҳукумати матбуот котиби Толиб Мангал 26 январда маълум қилишича, Алишир шаҳрида рўй берган фожиа юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Қўшимча қилишича, ҳужумга нима сабаб бўлгани аниқ эмас. 25 январда рўй берган ҳужум учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади.

Афғонистон пойтахти Кобулда ҳам полиция автомобили қўлбола портловчи қурилмани босиб олиши оқибатида ўша жойда турган бир киши нобуд бўлди, яна тўрт киши яраланди, дейилади полиция тарқатган хабарда.

"25 январь кечқурунги портлаш оқибатида полиция машинаси парчаланиб кетди", деди мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нусрат Раҳимий.

Бу ҳужум учун ҳам ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади.

Бироқ “Толибон” ҳаракати тез-тез ҳукумат хавфсизлик кучларини нишонга олиб туриши кузатилади.​