Соғлиқни сақлаш вазири Хитойга бормай туришни тавсия қилди

Ҳонконгдаги метрода тибниқоб кийиб кетаётган йўловчилар. 2020, 23 январь.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов фуқароларга «Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни» тавсия қилгани тўғрисида вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик баёнотига кўра, Хитойда янги коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 80 нафардан, касалланганлар сони эса 2400 нафардан ошган. Хубэй провинцияси ва унинг маъмурий маркази Ухан шаҳрида зарарланишнинг энг кўп ҳолати қайд этилган.

«Коронавирус бўйича юзага келган мураккаб эпидемик вазият дунё миқёсида хавотирли тус олмоқда», — дейди Алишер Шодмонов. Унинг қайд этишича, ушбу эпидемик вазиятга қарши мамлакатда керакли барча чоралар кўрилмоқда. Хаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати кучайтирилмоқда. Хитойдан қайтаётган фуқароларга тиббий назорат ўрнатилган.

«Аммо бу хавфсизликни тўлиқ кафолатлайди, дегани эмас. Негаки, коронавирус инфекцияси ҳаво томчилари орқали ўтиши, инсондан инсонга юқиши, шунингдек, касалликнинг яширин даври 1−14 кунгача кечиши жиддий хавотир уйғотмоқда. Шу боис фуқароларимиздан Хитойга, зарурат бўлмаганда, бошқа хорижий давлатларга ҳам вақтинчалик бормасликни тавсия қиламан», — дея вазир сўзлари келтирилган хабарда.

Алишер Шодмонов маълум қилишича, айни пайт Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги кузатилмоқда. «Хитойдан ва бошқа чет давлатлардан ушбу инфекциянинг кириб келиш ҳолатлари қайд этилмади».