Тожикистонда 3,8 миллион SIM-карта қайта қайддан ўтмади

Тожикистонда 1996 йилги паспортлар асосида берилган тахминан 4 миллионга яқин SIM-карта аҳоли томонидан ҳамон фойдаланилмоқда.

Янги намунадаги паспорт асосида SIM-картларни қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳукумат қарори билан белгиланган муддат 15 февралда якунланади. Қайта регистрация қилинмаган фойдаланувчиларнинг телефон рақамлари ёпилади.

Тожикистон Алоқа хизмати раҳбарнинг ўринбосари Адолат Абдураҳмонзода Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларга 3,8 миллион фойдаланувчи янги паспорт асосида ўзларининг мобил телефонлари рақамларини ўзгартирмаганликларини айтди

Экспертларнинг фикрича, янги ҳужжат асосида аҳоли салкам ярим ой давомида қайта рўйхатдан ўтишга улгура олмайди.

Ҳукумат қарори аҳоли ўртасида норозиликларга сабаб бўлди, кўпчилик ҳукумат шаънига танқидий фикрларни айтишди, улар ҳукумат аҳоли ҳисобидан бойишни мақсад қилганини айтишди. Танқидчиларнинг фикрича, биометрик паспортлар асосида қайтадан рўйхатдан ўтишнинг ҳожати йўқ. Жамоатчилик норозиликлари тўлқинида ҳукумат сим-карталарни қайтадан рўйхатдан ўтказиш муддатини 2020 йилнинг 15 февралига қадар узайтирди. Алоқа хизмати раҳбарияти 27 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида февралнинг иккинчи ярмидан кейин қайтадан рўйхатдан ўтмаганлар билан нима бўлади деган саволга жавоб қайтармади.

Аҳолининг норозиликларига янги намунадаги паспортнинг қиммат экани сабаб бўлди. Ҳукуматнинг қарорига танқидий ёндашган Тожикистон парламентининг айрим аъзолари аҳолининг янги паспортга тўла ўтиши учун камида 4 йил кераклигини айтишади.