Покистонда пуштунлар ҳуқуқларини ҳимояловчи гуруҳ етакчиси қўлга олинди

“Пуштунларни ҳимоя қилиш ҳаракати” (Pashtun Protection Movement, PPM) етакчиси Манзур Паштин.

Покистонда мамлакат ҳарбийларининг амалиётларини танқид қилиб келган фуқаровий гуруҳ етакчиси қўлга олинди. “Пуштунларни ҳимоя қилиш ҳаракати” (Pashtun Protection Movement, PPM) етакчиси Манзур Паштин 27 январь куни Пешовар шаҳрида қўлга олинди.

Аввалроқ 12 январь куни Банну шаҳрида ўтказилган акция ортидан Паштинга қарши жиноят иш қўзғатилган эди.

Депутат ҳамда PPM аъзоси Муҳсин Давор Паштиннинг қўлга олинишини “ҳуқуқларимизни тинч ва демократик тарзда талаб қилгани учун унга берилган жазо”, дея таърифлади.

“Аммо Манзурнинг қўлга олингани бизнинг қатъиятимизни оширади, холос”, деб ёзди Давор.

PPM гуруҳи 2018 йилдан бери пуштунлар ҳуқуқлари ҳимояси учун курашиб келади. Гуруҳнинг минглаб аъзоси бўлиб, улар Покистон армиясининг зўравон амалиётларини кескин қоралаб келади.
Ҳарбийлари Паштинни армияни сохта айбловлар билан танқид қилишда ва хоинликда айбламоқда.