Россия конституциясига “олий ҳукмдор” лавозими киритилиши таклиф қилинди

Россия Конституциясига тузатишлар ҳозирлаш бўйича ишчи гуруҳ қомусга юздан зиёд янги модда киритишни таклиф қилди, дея хабар қилади "Коммерсант" нашри.

Таклиф қилинаётган тузатишлар орасида президент лавозимини "олий ҳукмдор"га ўзгартириш, православ динини мамлакатнинг асосий дини ўлароқ тасдиқлаш ҳамда Россияга Иккинчи жаҳон урушининг “ғолиб мамлакат”и мақомини бериш кабилар бор.

Президент сўзини “олий ҳукмдор”га ўзгартириш, устига устак “олий” сўзини катта ҳарф билан ёзиш исталаётгани ҳақида журналистларга ишчи гуруҳ аъзоси, Давлат думасининг давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раиси Павел Крашенинников маълум қилди.

Россия Конституциясига ўзгартишлар киритиш режаси ҳақида Владимир Путин 15 январь куни Федерал Йиғинга йўллаган мурожаатида билдирган эди. Ўшанда Путин Россия Конституциясига халқаро қонунларга нисбатан устуворлик берилиши ва қомусда қайта тикланган Давлат кенгашининг мақоми ва роли мустаҳкамлаб қўйилишини таклиф қилган эди. Мухолифат Путин 2024 йилда президентлик ваколат муддатлари тугаганидан сўнг Давлат кенгашини бошқариш ва шу тариқа ҳокимиятда қолишни мўлжаллаётганидан хавотир изҳор қилмоқда.

Айни пайтда Путин таркибига 75 киши кирган конституцияга тузатишлар ҳозирлаш бўйича ишчи гуруҳ тузди. Ишчи гуруҳга кирганлар орасида ҳокимиятни ҳақорат қилганларни жазолаш ва суверен интернет тўғрисидаги қонунлар муаллифи сенатор Андрей Клишас, "Донецк халқ республикаси" жангарилари қўмондони, ёзувчи Захар Прилепин, Умумроссия казаклар жамияти атамани Николай Долуда, спортчи Елена Исинбаева, таниқли артистлар ва режиссёрлар, Давлат думаси депутатлари ва Федерация кенгаши аъзолари бор.

Конституцияга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Россия Давлат думасида биринчи ўқишда бир овоздан қабул қилинган. Иккинчи ўқиш 11 февралга белгиланган.

Ўзгартишлар бўйича умумхалқ овоз беришини апрел ойида ўтказиш режаланмоқда. Айни пайтда овоз бериш формати тўғрисида қонун лойиҳасида ҳеч нарса айтилмаган. Тахминларга кўра, у махсус ташкил этилган ишчи гуруҳ ва Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилади.