Самарқандда олтин ўғирлаган 16 нафар кончи узоқ муддатларга қамалди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туман суди Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли “Қорақўтон” конининг 16 ишчисини узоқ муддатга қамаш ҳақида ҳукм чиқарди. Улар таркибида олтин бўлган маъданли тошларни ўғирлаганликда айбланганлар. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Тергов хулосасига кўра, 2019 йил июнида кончи З.Х. ўн беш нафар ҳамкасби билан тил бириктириб, жиноий гуруҳ тузган. 13 июндан 17 июнгача кончилар ноқонуний равишда олтин маъданли тошларни қазиб олиб, қопларга жойлаб, шахтанинг кириш жойига яшириб қўйганлар. Кейин эса улар “таркибида 1176,96 гр. олтин ва 1210,52 гр. кумуш бўлган умумий оғирлиги 9930 кг маъданли тошларни “МАЗ” русумли навбатчи юк автомашинасида яширин равишда кон ҳудудидан олиб чиқиб кетишга эришишган”, дейилади хабарномада.

18 июнга ўтар кечаси Пахтачи туманида ИИБ ходимлари умумий оғирлиги 5540 килограмм бўлган маъданли тошларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган кончиларни қўлга олганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, судга оширилган. Суд гуруҳ ташкилотчиси З.Х.га 9 йилу 6 ой, Ф.А.га 8 йил ва бошқаларга ҳам турлича муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.