Қирғизистон ССВ Хитойдан қайтарилган 12 нафар талаба қаттиқ назорат остида сақланаётганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистонда эпидемиологик вазият барқарор, тожли вирусга чалиниш ҳолатлари йўқ. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда Хитойдан олиб келинган 12 нафар қирғизистонлик талаба шифохоналардаги махсус палаталарга жойлаштирилган.

“Талабалардан 6 нафари Иссиқота шифохонасига, яна олти нафари Москва туман шифохонасига жойлаштирилди. Талабаларнинг барчаси доимий равишда шифокорлар назоратида турибди. Уларнинг аҳволи қониқарли, тожли вирусга оид бирор-бир аломат ва симптомлар аниқланмаган”, дея таъкидланади ССВ баёнотида.

Хитойда тожли вирус тарқаши ортидан Қирғизистоннинг бу мамлакат билан чегарасида назорат кучайтирилган. Ўш ва Бишкек аэропортларида хориждан келганларнинг барчаси текширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, агар республика ҳудудида тожли вирусга чалинган беморлар аниқлангудек бўлса, улар учун чегара туманларидаги шифохоналар, шунингдек Республика юқумли касалликлар шифохонасида махсус палаталар ҳозирлаб қўйилган. Шифокорлар учун зарур ҳимоя воситалари харид қилинган.

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг маълум қилишича, 28 январь ҳолатига кўра янги вирусга чалиниш билан боғлиқ 5 минг 974 та ҳолат қайд қилинган, 132 нафар бемор оламдан ўтган Яна 9 минг 239 киши касаллик гумони билани назоратга олинган. Хитойдан ташқари Европа, Шимолий Америка ва Осиё мамлакатларида ҳам вирусга чалиниш билан боғлиқ ўнлаб ҳолат аниқланган.