АҚШ Молия вазирлиги Қрим аннексияси учун яна 7 шахс ва ширкатга санкция киритди

АҚШ Россия ҳудудидан Қримга йўловчи ташишни йўлга қўйган хусусий темир йўл ширкатига ҳам санкция жорий қилди.

АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг Қрим яриморолини аннексия қилиши юзасидан қўлланилган санкциялар рўйхатини узайтирди.

Янги рўйхатга Путин томонидан Севастополь губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган Михаил Развожаев, Қрим ҳукумати раҳбари Юрий Гоцанюк, Севастополь Қонунчилик мажлисининг янги раҳбари Владимир Немцев, Федерация кенгаши аъзоси Екатерина Албатаева ва маҳаллий сайлов комиссиясининг учта раҳбари киритилди. Бир кун олдин Европа Иттифоқи ҳам айни шахсларга нисбатан қатор чекловлар жорий қилган эди.

АҚШ Молия вазирлиги шунингдек¸ Қрим кўприги орқали яриморолни Россия ҳудудига боғловчи йўловчи поездлар қатновини йўлга қўйган Grand Service Express ширкатини ҳам ўз "қора рўйхати"га қўшди.

Санкциялар рўйхатига тушган шахс ва ширкатларнинг АҚШдаги активлари музлатилади.

Россия 2014 йили Қримда ўтказилган референдум натижасини рўкач қилиб¸ Украина ҳудуди бўлган Қримни аннексия қилган.

Киев ва Ғарб давлатлари бу ҳаракатни халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ҳаракат сифатида қоралаб келади.