Коронавирусдан ўлганлар сони 300дан ошди, 14 ярим минг одам вирусга чалинди

Пекин, 22 январь, 2020 йил

2 февраль куни Хитой соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари Хубэй вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Ухан шаҳридан тарқалган вирус 304 нафар киши ёстиғини қуритганини маълум қилди.

Уларнинг сўзларига кўра, вирус Хитойнинг ўзида 14 минг 380 кишига юққан.

Вирус бошқа давлатларга ҳам тарқалишда давом этмоқда.

Бу орада Хитойдан ташқари илк маротаба Филиппинда вирусни юқтирган шахс вафот этди.

Россия, Британия ва Швеция вирус тарқалган ўнлаб давлат сафига қўшилди.

АҚШ ва Австралия каби давлатлар кейинги икки ҳафта ичида Хитойда бўлган шахсларни вақтинча киритмаяпти.

АҚШ Соғлиқни сақлаш вазири Алекс Азар АҚШ фуқаролари ҳамда доимий яшовчиларидан ташқари шахслар яқинда Хитойга борган бўлса, АҚШга вақтинча киритилмаслигини айтди.

2019 n-CoV ўткир респиратор вируси Ухан шаҳридаги мол бозорида пайдо бўлгани тахмин қилинмоқда.