Япония танкерлари ҳимояси учун Уммон қўлтиғига ҳарбий кема юборди

Takanami мина ташувчи кемаси, Сингапур, 15 май, 2017 йил.

Япония мамлакатга нефть ташувчи коридорни ҳимоя қилиш учун Яқин Шарққа ҳарбий кема юборди.

Takanami номли мина ташувчи кема 2 февраль куни Токио яқинидан Уммон қўлтиғидаги танкер ва савдо кемаларини ҳимоя қилиш учун йўлга отланди. Қўлтиқ орқали Япония борадиган нефтнинг тахминан 90 фоизи ўтади.

200 нафар экипаж аъзосига эга кема иккита P-3C учоқлари билан бирга япон кемаларини ҳимоя қилади.

Бош вазир Синдзо Абэ ҳукумати хатарга йўлиққан кемаларни ҳимоялаш учун ўт очишга изн берилишини маълум қилди.

Бу қарор мунозарага сабаб бўлмоқда, чунки Япониянинг Иккинчи жаҳон урушидан кейин қабул қилинган конституцияси халқаро келишмовчиликларни ҳал қилиш учун куч ишлатишни ман этади.

Япония ҳарбийлари АҚШ ва Европанинг минтақадаги ҳарбий миссияларидан алоҳида фаолият юритади.

Эрон ва Вашингтон ўртасидаги танглик кучаяр экан, Япония ва бошқа АҚШ ҳамкорлари бир вақтнинг ўзида президент Дональд Трампни қўллашга ҳамда минтақадаги вазият кескинлашиши олдини олишга курашмоқда.