Зирабулоқ магистрал газ қувурида портлаш содир бўлди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Нарпай тумани Мирбозор шаҳарчаси яқинидаги Зирабулоқ магистрал газ қувурида 2 февраль куни соат 16.45 ларда БГР-ТБА Магистрал газ қувурлари 1-4 тармоқларининг газ қувури ёрилиши оқибатида ёнғин содир бўлган. Бу хабарни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади.

Вазирлик хабарномасига кўра, авария натижасида жароҳатланганлар ва қурбонлар йўқ.

Қайд этилишича, "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамиятининг Зирабулоқ магистрал газ қувурлари бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги махсус ишчи гуруҳларининг тезкор ҳаракатлари натижасида соат 17:15 да ёнғин бартараф этилган. БГР-ТБА Магистрал газ қувурларининг 2-3 тармоқлари орқали газ транспорт тизими узлуксиз ишлаши йўлга қўйилган.

“Айни пайтда Зирабулоқ, Ғаллаорол, Муборак ва Газли магистрал газ қувурлари бошқармаларининг махсус таъмирлаш бригадалари талофатни бартараф этиш мақсадида воқеа жойида иш олиб бормоқда, қисқа муддатларда магистрал газ қувурлари қайта ишга туширилади ва барқарор ишлаши таъминланади”, дейилади хабарномада.

Ёнғин сабаби ўрганилмоқда.