Эронда АҚШ фойдасига жосусликда айбланган шахс ўлимга ҳукм қилинди

Эронда АҚШ Марказий разведка бошқармаси учун жосуслик қилишда айбдор деб топилган бир шахс ўлим, икки шахс қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Эрон суд тизими матбуот котиби Ғуломҳусайн Исмоилий маълум қилди.

Матбуот котибининг билдиришича, Амир Раҳимпур Эрон ядровий дастури ҳақида АҚШга маълумот юборишга урингани учун ўлим жазосига ҳукм қилинганини ва тез кунда қатл қилинади:

- Раҳимпур жосуслик агентлиги билан алоқада бўлган пайтида Эрон ядровий дастури ҳақида Америка агентлигига маълумот беришга уринар экан, мўмай пул ишлаб олган, - деди Ғуломҳусайн Исмоилий.

Эрон матбуоти тарқатган хабарларга кўра, Раҳимпурга чиқарилган ҳукмни Олий суд ўз кучида қолдирган.

Исмоилий Раҳимпурнинг ёши, айнан қайси йўл билан жосуслик қилишга урингани ёки унинг доимий иши ҳақида маълумот бермади.
АҚШ Разведка бошқармаси ушбу ҳолатни ҳали изоҳлагани йўқ.

Хайрия жамғармаси учун ишлаб келган бошқа икки шахс эса АҚШ учун жосуслик қилишда айбдор деб топилиб, 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Исмоилий бу шахслар исмини очиқламади.