Туркманистонда эркакларга соч бўяш тақиқланди

Президент Бердимуҳамедовнинг 2017 йил (ч) ва 2019 йилдаги (ў) суратлари.

Туркманистоннинг Лебап вилоятидаги давлат корхоналарида ишлайдиган эркакларга президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташрифи арафасида сочларини бўямаслик амр этилди.

4 февраль куни Лебапдаги мактабларда, тиббий ва муниципал муассасаларда ишловчи бир неча ходим Озодликка ёши 40 дан ошган эркакларнинг ҳаммасига мошкичири сочини бўяшдан тийилиш буюрилганини маълум қилди.

Ходимларга кўра, буйруққа итоат этмаганларга президент билан учрашувга қўйилмаслиги айтилган.

Мазкур буйруқ юзасидан ҳеч қанақа изоҳ берилган эмас, бироқ кўпчилик бу тақиқни Бердимуҳамедовнинг 2018 йилдан бери сочини бўямай қўйгани билан боғламоқда.

Президент сочини бўяшдан воз кечганидан сўнг Ашхобод расмийлари маҳаллий сартарошларга эркакларга соч бўяш хизматини кўрсатишни тақиқлаб қўйишганди.

Бердимуҳамедов 2006 йили ўз салафи Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин мамлакат бошқарувини қабул қилиб олган пайтда унинг сочида оқ толалар бор эди.

Кейинчалик у сочини қорага бўяб юрадиган бўлган, бироқ 2018 йили ҳеч бир изоҳсиз бу ишни тўхтатиб қўйган.