ФҚБ директори: Россиянинг АҚШгa қарши ахборот уруши сусайгани йўқ

АҚШ Федерал қидирув бюроси директори Кристофер Рей.

АҚШ Федерал қидирув бюроси директори Кристофер Рей Россия 2020 йилги президент сайлови арафасида АҚШга қарши ахборот урушини олиб бормоқда деди.Шундай бўлса-да, унинг сўзларига кўра, Россия ҳозирча сайлов инфраструктурасига ҳужум қилгани йўқ.

5 февраль куни Рей АҚШ Намояндалар палатасининг Суд қўмитаси олдида сўзлаган нутқида Москва яширин ижтимоий тармоқ кампанияси ёрдамида турли қарашларга эга тарафлар ўртасидаги келишмовчиликларни кучайтиришга уринаётганини айтди.

АҚШ разведка агентликлари 2016 йилги АҚШ президенти сайлови давомида Россия шунга ўхшаш чораларни кўрган, деган хулосага келган.

Россия АҚШ сайловига аралашганини кўрсатувчи етарлича далил бўлишига қарамасдан, Москва бу айбловларни рад этиб келади.

Рей Россия сохта профиллар, компьютер ботлари, ижтимоий тармоқларда турли постлар ҳамда дезинформация ёрдамида ахборот урушини олиб бораётганини таъкидлади.

ФҚБ директори сайлов йилларида бунақа уринишлар авж олишини, аммо бошқа йилларда ҳам тинчимаслигини қўшимча қилди.

2016 йили россиялик ҳакерлар АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтон кампанияси электрон мактубларини қўлга киритиб, уларни онлайн бўлишган эди.