Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бокуда Туркий кенгашда иштирок этди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ТИВК) навбатдан ташқари мажлисида иштирок этди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, тадбирда Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон ҳамда Туркманистон ва Венгрия ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари қатнашган.

Мажлисда туркий тилли давлатлар ҳамкорлигининг савдо ва инвестиция, транспорт ва транзит, энергетика ва янги технологиялар, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, туризм, маданият ва таълим каби асосий устувор йўналишлари белгилаб олинган.

Ўзбекистон томони 2019 йил 30 ноябрда Ўш шаҳрида бўлиб ўтган Турксой доимий кенгашининг 37-йиғилишида Хива шаҳрини жорий йилда «Туркий дунё маданий пойтахти» деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини илиқ қарши олди.

2019 йилги саммитда Ўзбекистон Республикасининг Туркий кенгашга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилиши тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинган эди.

Саммитда сўзлаган нутқида Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши табиий ва тарихий жараёнлар ифодаси эканини урғулаган эди.