Озарбайжон парламент сайловида президент Алиев партияси ғалаба қозонди

Мухолифат партиялари сайловни президент Алиев ҳокимиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган “масхарабозлик” деб атади.

Озарбайжон парламентига якшанба куни муддатидан аввал ўтказилган сайловнинг дастлабки натижаларига кўра¸ президент Илҳом Алиев етакчилик қиладиган ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси ғолиб бўлди.

Беш мингга яқин сайлов участкасида берилган овозларнинг 87 фоизи санаб чиқилганида¸ Алиев партияси парламентдаги 124 ўриндан 64 тасини қўлга киритган.

Ҳукмрон партия экзитпол натижаларига таяниб туриб¸ якшанба куниëқ ўз ғалабасини эълон қилди.

Сайловларда 20 та сиëсий партия вакиллари ўз номзодини қўйди. Айни пайтда уни бойкот қилган мухолифат партиялари сайловни президент Алиев ҳокимиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган “масхарабозлик” деб атади.

Мамлакатдаги энг кекса мухолифат партияси саналган "Мусават" етакчиси Ориф Гажили сайлов натижаларининг тўлиғича «сохталаштирилгани» ҳақида баëнот берди.

Озарбайжон парламент сайловлари қонунчиликка кўра 2020 йил ноябрь ойига белгиланган эди.

Ўтган йил декабрида парламент кутилмаганда ўз-ўзини тарқатиб¸ муддатидан аввал сайлов эълон қилди.

Якшанба кунги овоз беришда сайловчиларнинг 48 фоизи қатнашган¸ бу эса олдинги сайловларга нисбатан анча камдир.