Тожикистонлик 46 нафар талаба Ухандан эвакуация қилинди

Иллюстратив сурат.

Янги турдаги коронавирус тарқалганидан бир ой ўтиб тожик расмийлари 46 нафар тожикистонликни Хитойнинг Ухан шаҳридан олиб чиқди. Уларни “Сомон Эйр” авиаширкатига тегишли учоқ 11 феврал куни мамлакатга олиб келди.

Расмийларга кўра, Ухандан келганларнинг барчаси, шу жумладан, йўловчиларга ҳамроҳлик қилган шахслар – тиббиёт ходимлари, Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитаси ходимлари, самолёт экипажи икки ҳафта карантинга жойлаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, қайтарилганларнинг ҳаммаси Варзоб туманидаги “Харангон” санаторийсида карантинда бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазири муовини Мирҳамуддин Камолзода Хитойдан келган тожикистонликларда коронавирус инфекцияси аломатлари аниқланмаганини билдирди. Аммо, мулозимга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига биноан улар икки ҳафта мобайнида карантинда бўлишлари лозим.

ССВ маълумотига мувофиқ, бугунги кунда 900 чоғли киши Хитойдан Тожикистонга келган – уларнинг ҳаммаси шифокорлар назоратида карантинда бўлиб туришибди.

Шу билан бирга айрим талабаларнинг ота-оналари фарзандлари Уханда қолдирилгани юзасидан ташвиш изҳор қилганлар.

Тожикистон ТИВ ахборот департаменти ҳарорати юқори бўлган етти нафар тожикистонлик парвозга қўйилмагани, ҳозир улар шифокорлар назоратида эканини тасдиқлаган. Яна уч киши ўз истагига кўра ватанга қайтишни хоҳламаган.

11 феврал куни Озодликнинг тожик хизмати журналистлари Варзобдаги “Харангон” санаторийсига йўл олганлар, аммо муассаса қўриқчилари ҳудудга ҳеч кимни киргизмаган.

Аввалроқ коронавирус маркази бўлган Хитойнинг Ухан шаҳридаги тожик талабалари бир неча бор Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, расмийлардан ўз ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган бу шаҳарни тарк этишда ёрдам беришни сўраган эдилар.