Тошкентдаги мардикор аёллар ўз марказига эга бўлди

Тошкентдаги аëллар мардикор бозорларидан бири.

Пойтахт Тошкентнинг Яшнобод туманида мардикор аёллар учун янги қурилган кунлик ишчилар марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 11 февраль куни бўлиб ўтган маросимда, Кун.уз сайти хабарига кўра, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари ҳамда кундалик иш қидирган аёллар иштирок этганлар.

Марказда арзонлаштирилган овқатланиш шохобчаси, асбоб ускуналарни ижарага бериш тизими, меҳнат муҳофазаси ҳақида тушунча берувчи кўргазмали қуроллар, маданий ҳордиқ чиқариш учун имкониятлар мавжуд.

Марказда вақтинчалик иш билан таъминлашда аутсорсинг ва аутстаффинг хизматлари йўлга қўйилгани айтилмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга кўра, марказдаги ходимлар мардикор аёлларга иш топиб беришда кўмаклашади,JobCafe мобил иловаси ёрдамида икки томонни бир-бирига боғлаб қўяди.

Вазирнинг айтишича, жорий йилда Тошкент шаҳри ва вилоятида шу каби олтита замонавий кунлик ишчилар маркази очилиши кўзда тутилган. Бунингдек марказларни, эҳтиёж бўлган тақдирда, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам очиш режаланган.

Ишсизлик туфайли Ўзбекистоннинг турли жойларида аёлларнинг стихияли мардикор бозорлари пайдо бўлганига кўп йиллар бўлди. Расмийлар бу каби муаммо мавжудлигини тан олиб, чора кўраётгани илк бора кузатилмоқда.