Ҳинд элчиси Ортиқхўжаевдан Будда ибодатхонаси қуриш учун Тошкентдан ер ажратиб бериш бўйича ёрдам сўради

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сантош Джа Тошкентда Махатма Ганди ҳайкалини ўрнатиш ҳамда ҳинд ҳамжамияти илтимосига кўра Будда ибодатхонаси қуришга пойтахтдан ер ажратиб беришда кўмак сўради. Бу илтимосни элчи жаноблари Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан 12 февраль куни бўлиб ўтган учрашуви чоғида арз этган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Ортиқхўжаев бу масалаларни ечишда ўз ваколатлари доирасида ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини айтган.

Учрашув чоғида Сантош Джа Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш борасидаги таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашган, икки давлат ўртасида авиақатновни такомиллаштириш, хусусан, Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни ташкил қилиш, ҳинд ресторанларини очиш ва бошқа таклифларни билдирган.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликка оид мулоқотни мунтазам давом эттиришга келишиб олганлар.