Мирзиёев Туркия сафарига отланди

Мирзиёев Эрдўғон билан сўнгги бор ўтган йилнинг 15 октябрида Озарбайжон пойтахти Бокуда учрашганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари Туркияга боради. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизматига кўра, сафар Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Ташриф дастурига мувофиқ, пойтахт Анқарада олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ўзаро музокаралар чоғида, хабарномада қайд этилишича, “сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилади ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича фикр алмашилади”.