Маҳалла ва оила вазири лавозимига номзод маъқулланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига Раҳмат Маматов номзодини маъқуллади.

Бу ҳақда хабар қилган "Халқ сўзи"га кўра, Раҳмат Маматов айни пайтда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари — "Маҳалла" хайрия жамоат фонди раисидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 февраль куни ўтказилган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда "Нуроний" жамғармаси ташкилотлари тугатилиб¸ ўрнида Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги ташкил этилажаги тўғрисида 12 февраль куни президент Шавкат Мирзиëев ўтказган видеоселектор йиғилишида эълон қилинган эди.