Хаага суди Россияга «ЮКОС» сармоядорларига 50 миллиард доллар товон тўлаш мажбуриятини юклади

Михаил Ходорковский

Нидерландия апелляция суди Россия зиммасига собиқ нефть ширкати «ЮКОС» сармоядорларига 50 миллиард доллар товон тўлаш мажбуриятини юклади. Суд бу ҳукми билан бундан 4 йил олдинги ҳукмни бекор қилди.

2016 йилда Хаага туман суди мазкур иш Россия имзолаган, аммо ратификация қилмаган энергетика келишувига таянганини, шунинг учун Арбитраж доимий суди чиқарган қарор асоссиз эканлигини айтиб, товон тўлашга доир ҳукмни бекор қилган эди.

Россия Адлия вазирлиги дарҳол суднинг сўнгги қарори устидан шикоят қилишини билдирди.

Хаага аппеляция суди 2016 йилги қарор нотўғри эканлигини, ундан олдин чиқарилган қарор ўз кучида қолишини билдирди.

Арбитраж суди қарорида 2003 йили Москва «ЮКОС»га улкан солиқлар солиб, уни қўлга олгани айтилади: «Ҳукумат “ЮКОС”ни банкрот қилиб, унинг мулкларини эгаллаб олиш учун “ЮКОС” ва унинг эгаларига кенг кўламли ҳужум қилган, айни дамда Жаноб Ходорковскийни сиёсий саҳнадан сиқиб чиқарган»

Россия ҳукуматининг «ЮКОС»га қарши чоралари ширкат директори, президент Владимир Путиннинг ашаддий рақиби Михаил Ходорковскийни йўқ қилишни кўзлагани айтиб келинади.

Ходорковский 2003 йилда қўлга олинган. Россия қамоғида 10 йил ўтказганидан кейин афв этилиб, мамлакатни тарк этган.