Ўзбекистонга турист ташийдиган чартер рейслар учун 15 минг долларгача компенсация ваъда қилинди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Сайёҳлар оқими паст бўлган мавсумда Ўзбекистонга хорижлик меҳмон олиб келадиган ҳар бир чартер рейси учун 15 минг долларгача компенсация тақдим этилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 19 февраль куни Тошкент шаҳрида иш бошлаган UAALF-2020 халқаро авиация форумида билдирган.

“Ўзбекистон бугунги кунда чартер рейсларга энг катта субсидия тақдим этмоқда. Айтайлик, юқори туристик мавсумда 300 киши ташиладиган бўлса, давлат томонидан ҳар бир рейсга 6 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тақдим этилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир авиайўловчи учун 20 доллардан. 15 ноябрдан 15 февралга қадар давом этувчи, оқим паст бўладиган мавсумда 300 ўринга мўлжалланган самолёт Ўзбекистонга хорижий меҳмонларни олиб келса, бу миқдор 15 минг долларгача ошади. Ўйлайманки, бу кўплаб авиаташувчиларда катта қизиқиш уйғотадиган субсидия миқдоридир”, дея иқтибос келтиради А. Абдуҳакимов сўзларидан Кун.уз нашри.

Бош вазир ўринбосари ўз сўзида расмийлар 2025 йилга бориб Ўзбекистонга ҳар йили 12 миллиондан зиёд турист ташриф буюришини кутаётганларини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, Uzbekistan Airports АЖ ҳамда БААнинг Fair Exhibition Organizers компанияси томонидан ташкиллаштирилган UAALF-2020 анжуманига дунёдаги 130 га яқин халқаро ташкилот жалб қилингани айтилмоқда.