Трамп Толибон билан тинчлик битимини имзолашга ҳозирлигини билдирди

Афғонистондаги АҚШ аскарлари (иллюстратив сурат).

АҚШ президенти Дональд Трамп, агар Афғонистондаги сулҳ иш берадиган бўлса, толиблар билан тинчлик битими имзолашга тайёр эканини билдирди. Бу баёнотни Трамп якшанба куни Ҳиндистонга учиб кетиш олдидан журналистлар билан қилган мулоқоти чоғида берган.

Аввалроқ томонлар “зўравонлик даражасини пасайтириш” ҳафталигини эълон қилганлар. Мазкур тартиб 22 февраль тунидан кучга кирган.

Сулҳ охир-оқибат АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилишига замин яратадиган тинчлик битими имзоланиши учун шарт-шароит яратиши керак.

“Сизга маълумки, зўравонликка йўл қўймаслик бўйича муайян муддат белгилаганмиз. Бунинг бир ярим куни ўтди. Бундан буёғига нима бўлади - кўрамиз”, деган Трамп 19 йиллик урушдан кейин АҚШ қўшинлари учун “уйга қайтиш” вақти келганини қўшимча қилди.

Афғонистонда ҳозирда 12 мингга яқин америкалик ҳарбий бор.

Афғонистон оммавий ахборот воситалари ўтган икки кун ичида толиблар чекка ҳудудлардаги назорат-ўтказиш масканларига бир неча кичик ҳужумларни уюштирганлари ҳақида хабар қилганлар.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 21 февраль куни Қўшма Штатлар ва Толибон ҳаракати Афғонистондаги қуролли можарони сиёсий йўл билан изга солишда кўмак кўрсатиш ҳамда минтақада АҚШ ҳозирлигини камайтириш бўйича музокаралар олиб бораётганини билдирганди.