АҚШ президенти Ҳиндистонга келди

"Намасте Трамп" учрашуви.

24 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп расмий сафар билан Ҳиндистонга келди.

Гужарат штати маркази Аҳмадободга қўнган Вашингтон раҳбарини Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кутиб олди.

Трампга сафар давомида унинг рафиқаси¸ ташқи сиëсат бўйича катта маслаҳатчи мақомига эга куëви Жаред Кушнер ва Савдо вазири Уилбур Росс ҳамроҳлик қилмоқда. Бу АҚШ президентининг кейинги 5 йил ичида Ҳиндистонга қилаëтган биринчи ташрифидир.

Трамп ва Моди аэропортдан тўғри шаҳарнинг энг йирик крикет стадионига йўл олди. Бу ерда уюштирилган «Намасте Трамп» деб аталган тадбирда ўн минглаб ҳиндистонлик иштирок этди.

2019 йил сентябрида Ҳиндистон Бош вазирининг АҚШ сафари давомида АҚШдаги ҳиндистонликлар «Намасте Моди» деб номланган учрашув ўтказган эди.

Reuters агентлигининг билдиришича¸ Трамп сафари давомида¸ асосан¸ икки давлат ўртасидаги савдо тортишувлари боис шикаст етган ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш мавзуси муҳокама этилади. Иккала давлат расмийлари¸ ҳамкорликнинг¸ айниқса¸ Хитой иқтисодий экспансияси фонида ўзаро манфаатли эканига алоҳида эътибор қаратмоқдалар¸ деб хабар қилди ўз манбаларига таянган Reuters.

Айни пайтда¸ сафар арафасида Трамп Ҳинндистондан йирик савдо шартномалари билан қайтмаслик эҳтимолини тилга олди. Трамп таъкидича¸ АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида жуда катта келишув лойиҳаси мавжуд¸ аммо бу ҳужжатнинг жорий йил ноябрь ойидаги сайловларга қадар имзоланиши ҳозирча аниқ эмас.

АҚШ маъмурияти расмийларининг матбуотга билдиришича¸ Трамп сафари давомида Ҳиндистондаги диний эркинлик мавзуси ҳам тилга олинади.