Прагадаги Россия элчихонаси олдидаги майдонга Борис Немцов номи берилди

Россия элчихонаси биноси.

Прага шаҳар кенгаши қарори билан Чехия пойтахтидаги Россия элчихонаси олдидаги майдонга Кремль ва Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов номи берилди.

Ҳозиргача "Под каштани" деб номланган майдон расман 27 февраль куни қайта номланади. Шу куни таниқли россиялик сиëсатчи Борис Немцовнинг ўлдириб кетилганига 5 йил тўлади.

Прага шаҳар кенгаши депутатларига кўра¸ Россия элчихонаси олдидаги майдонга Немцов номини бериш Россия мухолифати ва инсон ҳақлари ҳимоячилари билан бирдамлик ифодасидир.

Чехиянинг россияпараст президенти Милош Земан Прага шаҳар депутатларининг бу қарорини танқид қилди ва уни “очиқдан-очиқ сиëсий ҳаракат” дея баҳолади.

Ҳозирга қадар дунëнинг бир қатор шаҳарларида Борис Немцов номи берилган кўча¸ майдон ва иншоотлар пайдо бўлди.

Хусусан¸ 2018 йил февралида Вашингтонда Немцов-плаза очилган бўлса¸ Вильнюс ва Киевда Борис Немцов майдони пайдо бўлди.

Путин сиëсатининг кескин танқидчиси бўлган Борис Немцов 2015 йил 27 февраль куни Кремль девори қаршисида отиб ўлдирилган эди. Ҳозиргача бу қотиллик ижрочилари сифатида беш киши маҳкама қарори билан жазога тортилди. Аммо тергов қотиллик буюртмачиларини ҳозиргача аниқлаган эмас.